Қирғизистон Туркиядан Bayraktar учувчисиз учқичлари, Россиядан эса “Орлан-10Е” дронларини сотиб олади. Бу ҳақда 21 октябрь куни журналистларга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилган.
“Биз бу техникани давлат бюджети ҳисобидан сотиб олмоқдамиз. Яқин орада Туркиядан Bayraktar дронлари етказиб берилади, бунақа қурол дунёнинг бешта мамлакатидагина бор ва биз булардан бири бўламиз. Ҳозир у ёқда мутахассисларимиз учувчисиз учқичларни бошқариш бўйича ўқишяпти. Россиядан эса биз “Орлан-10Е” учувчисиз учқичларини сотиб оляпмиз, бунинг учун ҳам давлат бюджетидан маблағ ажратилган”, дея иқтибос келтирди Озодликнинг қирғиз хизмати Қ. Ташиев сўзларидан.
МХДҚ раиси ўз сўзида хориждан сотиб олинаётган учувчисиз учқичлар сонини ҳам, бунинг учун бюджетдан қанча маблағ ажратилганини ҳам аниқ айтган эмас.
Bayraktar Туркия томонидан ишлаб чиқарилиб, узоқ вақт уча оладиган ва ҳаводан зарба беришга мўлжалланган учувчисиз учқич бўлиб ҳисобланади. “Орлан-10Е” мажмуаси эса, ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, масофадан туриб сув ва ер усти мониторингини олиб боришга мўлжалланган қурилмадир.
Президент Садир Жапаровнинг шу йил июнь ойида Анқара қилган сафари ортидан Туркия Қирғизистонга ҳарбий-техник кўмак кўрсатиши хабар қилинган эди.