Қирғизистон Украина уюштираётган Тинчлик саммитида қатнашмайди

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов

Қирғизистон Украина томонидан 15-16 июнь кунлари Швейцарияда уюштирилаётган Тинчлик саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов Deutsche Welle агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Байсаловга кўра, Қирғизистон томони “бу аҳмоқона вазият тўхтатилиши”ни фаол равишда ёқлайди ва иқтисодий санкцияларни айланиб ўтишда Россияга ёрдам беришдан манфаатдор эмас.

Биз анчадан буён Украина томони билан тиғиз алоқадамиз. Энг бошданоқ давлат раҳбари биз Украинага ҳам, Россияга ҳам бир хил муносабатда бўлиш позициясида туришимизни эълон қилган. Уларнинг иккаласи ҳам бизга яқин давлатлардир”, деган у.

Мулозим Қирғизистон саммитда қатнаша олмаслигига оид ўз важларини Украинага етказганини, Украина томони буни тушуниш билан қабул қилганини қайд этган.

Биз ҳали тўлақонли икки томонлама музокаралар босқичига етганимиз йўқ, бизнинг бевосита иштирокимиз ҳозирча унча қимматли бўлмайди ва Украина бизнинг бу мулоҳазамизни қабул қилди”, дея қўшимча қилган Байсалов.

Украина президенти Владимир Зеленский Марказий Осиёдан бўлган журналистлар учун 24 май куни Харьковда уюштирилган брифинг чоғида минтақа мамлакатлари лидерларини Тинчлик саммитида кўришни исташини айтган эди.

Украина томонидан ташкил этилаётган Тинчлик саммити 15-16 июнь кунлари Швейцарияда бўлиб ўтади. Учрашув иштирокчилари Зеленский томонидан таклиф этилган “тинчлик формуласи” ва бошқа масалаларни муҳокама қилишади. Бу саммитга ҳукумат раҳбарлари ва президентлар даражасида 160 та мамлакатдан делегациялар таклиф этилган.

Улар орасида Европа Иттифоқи мамлакатлари, “Катта еттилик” ҳамда КХШТга аъзо мамлакатлар вакиллари ҳам бор. Ўзбекистон вакилларининг бу саммитда иштирок этиб-этмаслиги ҳозирча номаълум. Россия вакиллари мазкур саммитга таклиф қилинган эмас.