Қирғизистонда 1918–1953 йилларда қатағонга учраганлар оқланади

Бишкекдаги "Атабейит" мажмуасида 1937-1938 йиллардаги Сталин қатағони қурбонлари хотираси учун қўйилган ҳайкал

Қирғизистон парламенти депутатлари 1918-1953 йиллар оралиғида сиёсий ва диний эътиқоди учун қатағон учраган фуқароларни реабилитация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, “Сиёсий ва диний эътиқоди, ижтимоий, миллий ва бошқа мансубият белгиларига кўра қатағон натижасида жабр кўрган ва реабилитация қилинган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва уларга берилган кафолатлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар 27 июнь куни парламент томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, қонунга 1922 ва 1926 йиллар оралиғида РСФСР Жиноят кодексининг айрим моддалари билан судланганларни (бу моддалар 1961 йилгача Қирғизистон ҳудудида амалда бўлган) сиёсий қатағонга учраган деб ҳисоблашга оид янги моддани қўшиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ, расмийларнинг “Қизил террор тўғрисида”ги қарор асосида қабул қилинган қарорлари, босмачиликка қарши кураш масалалари бўйича буйруқлари, давлат жиноятлари ва қулоқ қилинган хўжаликлар белгиларига оид қарорлари ҳамда СССР расмийлари томонидан қабул қилинган бошқа қатор ҳужжатлар сиёсий қатағон аломатлари бўлиб ҳисобланади.

Қонун билан Реабилитация бўйича комиссия тузиш ҳам кўзда тутилган. 2023 йил сентябрида ҳужжат ташаббускорларидан бири бўлган депутат Жанар Ақаев мазкур комиссияни Миллий фанлар академиясининг Тарих, археология ва этнология институти қошида ташкил этиш таклиф қилинаётганини айтган эди. Комиссия таркибига олимлар, ноҳукумат ташкилотлари вакиллари, Омбудсмен институти, прокуратура, ИИВ, МХДҚ ва давлат архиви идоралари ходимлари киритилиши кўзда тутилган. Комиссия таркиби мамлакат парламенти (Жўғўрқу кенеш) томонидан тасдиқланади.

Турли манбаларга кўра,1937-1938 йилларга бориб кучайиб кетган қатағонлар даврида Қирғизистонда 20 минг нафардан 40 минг нафаргача одам отилган. Улар орасида Тўрўқул Айтматов (Чингиз Айтматовнинг отаси), Иманали Айдарбеков, Баяли Исакеев, Қасим Тинистанов бошчилигидаги 137 нафар зиёли бор. “Халқ душмани” деб тан олишган бу кишилар 1938 йилнинг 5-8 ноябрь кунлари оралиғида отиб ташланган. Бу шахслар жасадларининг қаерга кўмилгани ўнлаб йиллар давомида номаълумлигича қолган ва бу қабрларни фақат 50 йилдан кейин топишга муваффақ бўлинган.