Қирғизистон президенти маъмурияти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қайта ишланган қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун тузилган ишчи гуруҳ аъзоларига йўлланган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Ҳужжатнинг янги таҳририда ваколатли орган интернет нашрлари ва блогерлар реестрини тузиши айтилган. Реестрга 5 мингдан зиёд одам обуна бўлган ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳам киради. Бу каби саҳифалар орқали тарқатилган ахборот “ОАВ тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Қирғизистон президенти маъмурияти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этган ва буни 1992 йилдан буён амалда бўлган қонун “замонавий жамият талабларига жавоб бермаслиги” билан изоҳлаган.
Ҳуқуқшунослар қонун лойиҳаси шу шаклда қабул қилинган тақдирда, бунинг оқибати хавфли бўлиши мумкинлигидан бир неча бор огоҳлантиришган. Дейлик, “Адилет” ҳуқуқий клиникаси ҳужжатни таҳлил қилиб чиқиб, ташаббус қабул қилингудек бўлса, Қирғизистонда сўз эркинлиги чекланажагини қайд этган. Бундан ташқари, “Институт Медиа Полиси” жамоатчилик фонди “қонун лойиҳаси мақсадларидан бири амалдаги ҳокимиятга ёқмаган веб-сайтларни йўқ қилиш бўлиб ҳисобланиши”ни билдириб, қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирган.
Айни пайтда 14 ноябрь куни Адлия вазирлиги ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳаси номақбуллиги ҳақида хулоса берган.
Декабрь ойида президент Садир Жапаров ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳасини қайта ишлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқларга оид буйруқни имзолаган. Унга давлат идоралари, ОАВ ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари кирган.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ аъзолари 2023 йилнинг 1 мартигача мазкур қонун лойиҳасини қайта ишлаб чиқиши зарур. 20 декабрь куни ишчи гуруҳ ўзининг биринчи мажлисини ўтказган, президент маъмурияти вакиллари қонун лойиҳасининг қайта ишланган варианти, айтилган таклифларни инобатга олган ҳолда, янги йилгача ишчи гуруҳга тақдим этилишини маълум қилишган.
Ишчи гуруҳнинг галдаги мажлиси шу йилнинг 23 январь кунига белгиланган.