Қирғизистонда фолбинлик рекламаси тақиқланиши мумкин

Иллюстратив сурат

Қирғизистон парламентининг ижтимоий сиёсат қўмитаси 1 апрель куни “Реклама тўғрисида”ги қонунга фолбинлик ва сеҳргарлик рекламасини тақиқлаш кўзда тутилган ўзгартишни биринчи ўқишда маъқуллаган.

Парламент матбуот хизмати қайдича, қонун лойиҳасига мувофиқ оккультистик хизматлар (шу жумладан шомонлик, фол очиш, спиритизм, ғайбдан хабар бериш, сеҳргарлик ва бошқалар) ва шундан хизматларни кўрсатувчи шахслар реклама қилиниши тақиқланади. Депутатлар бундай рекламани ахборот-телекоммуникацион тармоқда, ташқи рекламада, интернет ҳамжамиятларда, шунингдек, радио ва телевидениеда тақиқлашмоқчи.

Қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири - депутат Марлен Маматалиев фикрича, ҳужжат “оккультистик, сеҳр ва бошқа” ишониб бўлмайдиган усулларни қўллаган ҳолда хизмат кўрсатиш соҳасида “фуқаролар онгини манипуляция қилиш”нинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Депутат Маматалиев 2023 йил ноябрида ҳам оккультистик-мистик хизматлар рекламасини тақиқлаш тўғрисида қонун лойиҳаси таклифи билан чиққан эди. Ўша пайтда у ягона ташаббускор бўлган. Депутат “Реклама тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилиши мистик хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги тушунчаларни аниқ-тиниқ чегаралаб қўйиш, яъни “инсофсиз фуқароларнинг фирибгарлик билан амалга оширадиган хатти-ҳаракатларини ахборот майдонида реклама қилиш”ни тақиқлашга имкон беришини қайд этган эди.