Қирғизистонда ҳукумат истеъфога чиқди

Бишкекдаги ҳукумат биноси

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, парламент спикери Талант Мамитов бош вазир ва ҳукумат ваколатлари тўхтатилганига оид фармон имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти орқали маълумот тарқатилди.

Қайд этилишича, президент сайловининг расмий натижалари эълон қилингани ва Садир Жапаровнинг бош вазир ваколатларини топшириш тўғрисида ариза бергани туфайли Т. Мамитов уни ҳукумат раҳбари лавозимидан озод қилган.

Фармон билан ҳукуматнинг амалдаги таркиби истеъфога кетган ҳисобланади, унинг аъзолари эса янги ҳукумат тузилгунига қадар ўз вазифалари бажариб туради. Бош вазир вазифасини вақтинча унинг ўринбосари Артём Новиков бажариб туради.

Аввалроқ Садир Жапаров президент сайлови расмий натижалари чиқарилганидан ва инаугурация маросими ўтказилганидан кейин бош вазир ваколатларини топшириши айтилганди. Конституцияга мувофиқ, ҳукумат ҳам тўла таркибда истеъфога кетиши керак.

Ўтган йил 6 октябрида Қирғизистонда халқ ғалаёни бошланиб, бунинг ортидан мамлакатда ҳокимият алмашган. Шундан сўнг парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида Садир Жапаров бош вазирликка тасдиқланган.

Кейинроқ у президент сайловида иштирок этмоқчилигини айтиб, бош вазир ваколатларини вақтинча топширган. Унинг вазифаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиков зиммасига юклатилган эди.

Шу йил 20 январида Қирғизистон МСК муддатидан аввал ўтказилган президент сайловида Садир Жапаров ғалаба қозонганини билдириб, уни давлат раҳбари сифатида рўйхатга олиш ҳақида қарор чиқарган. С. Жапаровни қасамёдга келтириш маросими 28 январга белгиланган.

Муддатидан аввалги президент сайлови Қирғизистонда 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтиб, унда 17 нафар номзод иштирок этган. Мазкур сайловда, МСК маълумотига кўра, С. Жапаров 79 фоиздан кўпроқ овоз олган.