Қирғизистонда маст аҳволда рулга ўтирганлар 1 йилга машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

Иллюстратив сурат

Қирғизистон парламенти депутатлари 29 декабрь куни учинчи ўқишда маст аҳволда машина бошқарганлик учун бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишга оид қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишган. Бу ҳақда Жўғўрқу Кенеш матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қирғизстон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиевга кўра, маст аҳволда машина ҳайдаганлик учун жарима миқдори 17,5 минг сўм (тақрибан 200 АҚШ доллари) қилиб белгиланганига қарамай, кўпчилик ҳайдовчилар ичкилик ичиб, автомобиль бошқаришда давом этишмоқда.

Муҳокама чоғида депутат Дастан Бекешев таклиф қилинаётган меъёр Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси ходимлари ўртасида коррупцияни авж олдириб юбориши мумкинлигини қайд этган. Бунга жавобан ИИВ раҳбари муовини “прокуратура, МХДҚ ва фуқаровий жамият вакиллари томонидан кучли назорат туфайли коррупция бўлмайди”, дея билдирган.

ИИВ маълумотига кўра, 2021 йилда Қирғизистонда маст аҳволда машина ҳайдаш билан боғлиқ 12 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган. 2022 йили эса бу кўрсаткич 13 мингтага етган.

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, маст аҳволда автомобиль бошқарганлик учун 1 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Мазкур қонунбузарлик такрорланган тақдирда эса ҳайдовчи уч йилга гувоҳномасидан маҳрум бўлиши мумкин.