Қирғизистонда мулозимларга давлат тилида иш юритишни мажбурий қилувчи қонун кучга кирди

Иллюстратив сурат

Қирғизистон президенти 31 май куни парламент томонидан қабул қилинган “ҚР давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Янги таҳрирдаги қонунда акс этган янгиликлардан бири унда ўз фаолиятида давлат тилидан (яъни қирғиз тилидан) фойдаланиш мажбурий қилиб қўйилган мансабдор шахслар ва соҳаларни белгилаб қўйилганидир.

Бундай шахслар сирасига давлат ва муниципал хизматчилардан ташқари Жўғўрқу Кенеш (парламент) ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, Миллий банк ва муассасалар ходимлари, судьялар, прокурорлар, шунингдек, адвокатлар, нотариуслар, тиббиёт ва таълим соҳалари вакиллари киради.

Бундан ташқари, сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда, суд ишларида, иш юритишда ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда, халқаро шартномаларни тузишда, давлат идоралари ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар муассаса ва ташкилотларнинг номланишида қирғиз тилидан фойдаланилиши шарт. Жўғрофий номлар, топонимлар, исмлар ва реклама, шунингдек, телерадиоёйин, ОАВ, китоб нашри, компьютер дастурларининг интерфейслари ва веб-сайтларга нисбатан ҳам шу каби талаб қўйилади.

Айни пайтда қонунда “Қирғизистон ўз ҳудудида яшаётган барча миллат вакилларининг ўз тилларидан эркин фойдаланиши тамойилига риоя қилади ва бу тиллар ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди”, расмий тилдан фойдаланиш эса (яъни рус тили) “Қирғизистон қонунчилигида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади”, дея урғуланган.

Қирғизистон парламенти мазкур қонунни қабул қилганидан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакиласи Мария Захарова бу борада изоҳ бериб, ҳужжат давлат тилини билмайдиган фуқаролар учун “муайян қийинчиликлар туғдириши мумкин”лигини қайд этганди. Шу билан бирга, ўшанда у Қирғизистон раҳбарияти “мувозанатли тил сиёсати” олиб боришига умид билдирган.