Қирғизистонда ҳар йили 9 май куни ўтказиладиган “Ўлмас полк” юриши бекор қилинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Ички ишлар вазирлигининг 1 майдаги баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.
Вазирлик юриш бекор қилинишига оид қарорни “жамоат хавфсизлигига мавжуд таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда” қабул қилингани билан изоҳлаган. Айни пайтда ИИВ ҳуқуқ-тартиботчилар жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўраётганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Қирғизистон Мудофаа вазирлиги 9 май куни Бишкекдаги Олатоғ майдонида ҳарбий парад бўлмаслигини маълум қилган эди. Бу куни фақат Ғалаба майдонида хотира митинги бўлиб ўтиши режаланган.
“Ўлмас полк” тадбирини ўтказиш ташаббуси илк бор 2011 йили россиялик бир гуруҳ фаоллар томонидан кўтарилган. Бу тадбир, анъанага кўра, 9 май — Ғалаба байрами куни ўтказилади. Аввалроқ Қирғизистонда бу юришни ўтказиш баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, чунки тадбирга қарши бўлганлар Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин “Ўлмас полк” россияликлар тажовузини ёдга солишини иддао қилишган. Бироқ Қирғизистонда 2022 йилда ҳам, 2023 йилда ҳам юриш ўтказилган.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 1 апрель ҳолатига Қирғизистонда Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларининг умумий сони 41 нафарни ташкил қилади.