Қирғизистон расмийлари Ўзбекистон ва Қозоғистондан электр энергияси импорт қилиш масаласини кўриб чиқяптилар. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистонга сафари олдидан “Қазинформ” ахборот агентлигига берган интервьюсида билдирган.
Тўқтоғул сув омборидаги аянчли вазиятга эътибор қаратган Жапаровга кўра, Қозоғистон Қирғизистонга 1 миллиард киловаттгача электр энергияси экспорт қилишга ҳозирлигини билдирган, бу борада Ўзбекистон билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
“Агар ташқаридан электр энергияси етказиб бериш таъминланмаса, биз ўз мамлакатимизни ўзимиз электр энергияси билан таъминлашимизга тўғри келади, бироқ бунинг натижасида суғориш мавсумида ҳеч кимга сув етмайди. Пировардида Тўғтоғул сув омборида сув сатҳи пасайиб кетади. Шунинг учун биз Қозоғистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилишимиз керак. Бу ҳаммамиз учун маъқул бўлади. Бунинг натижасида суғориш мавсумида биз ҳам давлатлараро мажбуриятларимизни бажарамиз, дея умид қиламиз”, деган С. Жапаров.
Қирғизистон президенти 2-3 март кунлари Қозоғистонга сафар қилиб, ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.
Аввалроқ “Миллий энергохолдинг” Тўғтоғул сув омборида сув кескин камайиб кетгани, бунинг натижасида мамлакат электр энергияси танқислиги муаммосига дуч келиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатган. 24 февраль ҳолатига кўра, сув омборида 9,8 миллиард кубдан кўп бўлмаган сув йиғилган.