Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги мамлакатдаги олий таълим муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларга қирғиз тилидан тест топширишни мажбурий қилувчи буйруқ чиқарган. “Мутахассисликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланувчи буйруқ чиқарилгани ҳақида вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ҳужжатга мувофиқ, умумреспублика тестидан (УРТ) ўтган абитуриентларнинг ҳаммаси қайси тилда тест топширганидан, қайси ОТМга кирмоқчи ва қайси тилда ўқимоқчи бўлганидан қатъи назар қирғиз тилидан тест топширишлари шарт.
Таълим вазирлиги, абитуриент давлат тили бўйича тест топширмаган тақдирда, унга УРТ натижалари берилмаслигидан огоҳлантирган.
Айни пайтда, вазирлик қайдича, мазкур тест фақатгина абитуриентнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлайди ва ОТМга киришда танлов натижаларига таъсир кўрсатмайди.
Таълим вазирлиги бошланғич, ўрта ва олий таълим муассасаларида қирғиз тили бўйича кириш ва битирув имтиҳонлари “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга мувофиқ равишда киритилаётганини эслатган.
Қирғизистонда “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири мамлакат президенти томонидан 2023 йилнинг июль ойида имзоланган. Янги таҳрирга кўра, ўз фаолияти давомида қирғиз тилидан фойдаланиш давлат хизматчилари, парламент ва маҳаллий кенгаш депутатлари, Миллий банк ва вазирлик ходимлари, судьялар, прокурорлар, шунингдек, адвокатлар, нотариуслар, тиббиёт ва таълим соҳалари вакиллари учун мажбурий қилиб қўйилган. Бундан ташқари, қонун иш юритиш ва ҳужжат алмашиш жараёнида давлат тилидан фойдаланишни мажбурий қилиб қўйган.