Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг қариндоши Улан Жапаров яна ҳибс этилди. Унинг ҳибсга олинганини Озодликнинг қирғиз хизматига Бишкекнинг Биринчи май туман суди матбуот хизмати вакиллари тасдиқлашган.
Маълумотларга кўра, суд Улан Жапаровни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчисининг илтимосномасига кўра 21 июнь куниёқ чиқарган. “Ж. У. Р. га нисбатан 2024 йилнинг 19 августигача ҳибсга олиш шаклидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дея маълум қилишган суд матбуот хизматидан.
Суд вакиллари қайдича, Жапаров Қирғизистон Жиноят кодексининг 209-моддаси 4-қисми 1-бандида (“Товламачилик”) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Айтилишича, “жабрланувчи томонга ўта йирик миқдорда моддий зарар етказилган”.
Маҳаллий нашрлар ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, қўлга олинган шахс президентнинг ваколатли вакили лавозимини таклиф қилиб, бунинг учун пул олгани, бироқ ваъдасини бажармагани ҳақида хабар қилишган.
Бу Улан Жапаровнинг иккинчи марта ҳибсга олинишидир. Биринчи марта у 2023 йилнинг июль ойида коррупцияда гумонланиб, қўлга олинган эди. Қирғизистон президенти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков маълумотига мувофиқ, 32 ёшли Улан Жапаров президентнинг яқин қариндоши бўлмиш Ракимжан Жапаровнинг катта ўғли бўлиб ҳисобланади.
Улан Жапаров биринчи марта қўлга олинган пайтда президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев у “божхона масалалари билан боғлиқ коррупцион схемаларда иштирок этганликда гумонланаётган”ини маълум қилган эди.
“Бу ҳақда билган президент гумонланувчиларга нисбатан барча қонуний чораларни кўришни шахсан талаб қилди”, дейилган Султанбаевнинг постида.
2023 йилнинг октябрь ойида Улан Жапаров Биринчи май туман суди қарори билан уй қамоғига чиқарилгани маълум бўлган эди. Суд вакиллари Озодликнинг қирғиз хизматига унга оид иш ҳали ҳам кўриб чиқилаётгани ва бу борада ҳали қарор қабул қилинмаганини билдиришган.