Қирғизистонда Қумтор олтин конига оид иш бўйича собиқ бош вазир қўлга олинди

Жўўмарт Ўтўрбаев

Қирғизистонда собиқ бош вазир Жўўмарт Ўтўрбаев Қумтор олтин конига оид иш бўйича коррупцияда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Тергов тахминича, Ўтўрбаев хорижий ширкат манфаати йўлида Қирғизистон сув кодекси ҳамда “Сув тўғрисида”ги қонун талабларини бузган. Иддаога кўра, собиқ бош вазир олтин кони бош режаси бўйича экологик экспертизасини ўтказишда давлат комиссиясига босим ўтказган ва икки музликнинг йўқ қилинишига розилик берган.

Август ойи бошида Қумтор иши бўйича собиқ бош вазир Темир Сариев ҳибсга олинганди. Тергов тахминига кўра, у кон иши туфайли юзага келадиган экологик зарар суммасини пасайтирган.

Миллий хавфсизлик қўмитасидаги сўроқда собиқ президент Асқар Ақаев ҳам бўлган. 2005 йилдан бери Москвада яшаётган Ақаев ўтган ой ўз ихтиёри билан Бишкекка келган. У тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган. Сўроқдан кейин у яна Москвага учиб кетган.

Қумтор конидаги ишлар Канаданинг Centerra Gold ширкати билан биргаликда олиб борилган, бироқ кейинроқ Қирғизистон ҳукумати конни миллийлаштириш жараёнини бошлаган. Шу йил август ойидан расмий Бишкек кон бўйича шартномани денонсация қилишга киришган.