Қирғизистонда сув тақчиллиги туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида вазият оғирлашган. Хусусан, Чуй вилояти фермерлари ҳосил бутунлай нобуд бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Уларга кўра, масъул давлат идоралари муаммони ҳал қилиш учун зарур чораларни кўрмаяпти. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳалокат ёқасида қолган экин майдонлари акс этган видеороликларни ёйинлашмоқда.
“Фрунзе совхозига сувни буткул тўсиб қўйишди. Қаерга қанча сув кетаётганига оид рақамлардан хабарим йўқ, аммо далаларда аҳвол чатоқ. Агар яқин орада биринчи сувни бермасак, маккажўхоридан айриламиз”, дея ҳикоя қилинади роликлардан бирида.
14 июнь куни Чуй вилоятидаги бир неча қишлоқ фермерлари сув муаммосини ҳал қилиш талаби билан ҳукумат биноси олдида митинг қилишган. Улар сув адолатсиз тақсимланаётганидан ва маҳаллий амалдорларнинг лоқайдлигидан шикоят қилганлар.
Ўша куниёқ бош вазир Улуғбек Марипов Чуй вилоятига борган. Унга кўра, экинларни суғориш билан боғлиқ вазият мураккаб бўлиб, бу масала ечимини имкон қадар тезроқ топиш керак.
“Фермерлар сув етишмаётганини айтиб, бонг уришмоқда. Уларни жуда яши тушунаман. Сув бўлмаса, ҳосил ҳам бўлмайди. Бунга йўл қўймаслигимиз лозим. Муаммо Чуй дарёси ирмоқларида сув камайишидан келиб чиқди. Натижада Катта Чуй канали орқали ғарбий йўналишда сув оқими озайди. Шунга қарамай, деҳқонларни яхши ҳосил кўтариш учун етарли даражада сув билан таъминлашимиз шарт. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидир”, деган У. Марипов.
Сув билан боғлиқ вазият оғирлашгани муносабати билан Қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Сув захиралари давлат агентлиги директори Алмаз Сокеевга “ҳайфсан” берилган.