Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар департаменти коронавирусга қарши “Спутник V” препаратини рўйхатга олди.
Департамент матбуот хизмати маълумотига кўра, препаратнинг рўйхатга олиниши Қирғизистонда яқин орада аҳолини эмлашни бошлашга имкон яратади.
Аввалроқ Россия бевосита инвестициялар жамғармаси “Спутник V” вакцинаси самарадорлиги 95 фоиздан ошганини билдирган. Мазкур вакцина Россиядаги Гамалеи номидаги илмий марказ томонидан ишлаб чиқилган.
Қирғизистон ҳукумати ўтган йил ноябрида коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш бўйича Россия билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган. Шундан сўнг қирғизистонлик мутахассислар “Спутник V” вакцинаси клиник синовлари натижалари билан танишиш учун Москвада бўлиб қайтганлар.
Кейинроқ ҳукумат мулозимлари март ойи бошида Қирғизистонга Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасининг илк партияси олиб келиниши ҳақида билдирган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 86 минг нафардан ошган, пандемия бошидан бери бу мамлакатда COVID-19 важидан 1 минг 460 киши қурбон бўлган.