Қирғизистонда 23 октябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қатор сиёсатчи ва фаолларнинг уйларида тинтув ўтказишди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага кўра, якшанба куни ИИВ 16 кишини 48 соатга ҳибсга олган. Қирғизистон омбудсмени эса кеча 21 киши қўлга олинганини билдириб, бу борада хавотир изҳор қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
ИИВ маълумотига кўра, тергов тадбирлари Қирғизистон Жиноят кодексининг 36-278-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёрларлик”) бўйича очилган жиноят иши доирасида ўтказилмоқда. Вазирлик вакиллари тергов чоғида “айрим шахсларнинг оммавий тартибсизлик уюштиришга ҳамда истиқболда ноқонуний йўл билан ҳокимиятни эгаллаб олиш бўйича тадбирларга ҳозирлик кўрилишига алоқадорлиги юзасидан далилларга эга бўлинган”ини қўшимча қилишган.
22 октябрь куни сиёсатчи Равшан Жеенбеков 15 октябрь куни Ўзган туманида бўлиб ўтган қурултой резолюциясига мувофиқ, айрим сиёсатчилар, сиёсий ташкилотлар ва фаоллар Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишган. Бундан аввал сув омборининг Ўзбекистонга бериб юборилишига қарши бўлганлар Ўзган туманида юриш ўтказишган эди.
Президент Садир Жапаров шанба куни “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида Кампиробод сув омбори масаласига атрофлича тўхталган. У “провокаторлар” халқни чалғитаётганини иддао қилган. Жапаров сув омбори бўйича келишув мамлакат парламентида очиқ шаклда кўриб чиқилишини ҳамда аҳолининг 99 фоизи бу ҳужжатни дастаклашини билдирган. У мазкур митинглар ва юришлар ортида ким турганини ҳам билишини қайд этган.