Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиевни ҳибсга олган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, 26 январь куни М. Абилғазиев МХДҚга сўроққа чақиртирилиб, кейин қўлга олинган.
МХДҚ томонидан 27 январь куни тарқатилган маълумотга кўра, собиқ бош вазир коррупция ва ноқонуний бойлик орттирганликда гумонланмоқда.
Тергов версиясига кўра, Абилғазиев бош вазир бўлиб турган пайтда давлат ва фуқаролар манфаатига зид равишда “Қумтор Голд компани”га геологик разведка ва олтин қазиш учун қўшимча майдон ажратишга оид қарорга қўл қўйган. Бу қарор имзолаган пайтда эса кон ҳудудини кенгайтиришга тақиқ кучда эди.
53 ёшли М. Абилғазиев Қирғизистон ҳукуматини 2018-2020 йиллар мобайнида бошқарган. У ўтган йил 15 июнида радиотўлқинлар сотилишига оид можаро ортидан истеъфога чиққан эди.
20 октябрь куни молия полицияси собиқ бош вазирга Қирғизистонни тарк этиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида маълум қилган, бироқ бунинг сабабини очиқлаган эмас.