Қирғизистонда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳи давлат фойдасига мусодара этилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Давлат мулкини бошқариш жамғармасидан (ДМБЖ) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Жамғарма вакилига кўра, Чуй вилоятининг Аламедин тумани Қўйтош қишлоғидаги 2,7 гектарлик ер майдонида жойлашган ва Алмазбек Атамбаевга тегишли бўлган уй мусодара этилиб, давлат фойдасига хатланган.
ДМБЖ қайдича, 30 май куни жамғарма ходимлари мол-мулк инвентаризацияси учун Қўйтошга боришиб, Атамбаевнинг вакилларини объектни уч кун ичида бўшатиб қўйиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантиришган.
“Бинони кўздан кечириш жараёнида объектда мебель ва бошқа жиҳозлар борлиги, гаражда автотранспорт воситалари тургани аниқлаган”, деган жамғарма вакили.
Унга кўра, давлат мулкидан оқилона фойдаланиш мақсадида лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ мазкур мажмуа базасида “қариялар учун ижтимоий стационар муассаса” очиш таклиф қилинмоқда.
2020 йили 23 июнида Бишкекдаги Биринчи май туман суди Алмазбек Атамбаевни мол-мулкини мусодара этиш йўли билан 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.