Бишкек шаҳрининг Ленин туман 10 октябрь куни суди оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланиб судланаётган Temirov LIVE лойиҳасининг 11 нафар собиқ ва амалдаги журналистларига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Судланаётган журналистлардан тўрт нафарига айблов ҳукми чиқарилган, улардан икки нафарига қамоқ жазоси берилган. Хусусан, Temirov LIVE ва “Айт, айт десе” лойиҳалари директори Махабат Тажибек қизи олти йилга, Азамат Ишенбеков беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Актилек Капаров ва Айке Бейшекеева уч йилданга пробация жазосини олишган. Қолган етти нафар журналист суд томонидан оқланган. Булар “Арча Медиа” журналисти Сайпидин Султаналиев, “ПолитКлиника” нашри журналисти Тинистан Асипбеков, Temirov LIVE лойиҳасининг уч журналисти - Максат Тажибек уулу, Жумабек Турдалиев ва Акил Орозбеков, “Айт, айт десе” лойиҳаси ходими Сапар Акунбеков ва “Нур Пресс” журналисти Жоодар Бузумовлардир. Аввалроқ давлат қораловчиси бу журналистларнинг ҳар бири олти йилдан қамоқ жазоси сўраган эди.
Қамалган Махабат Тажибек қизининг турмуш ўртоғи бўлган Temirov LIVE асосчиси Болот Темиров суд қарорига мувофиқ, уларнинг ўғли ижтимоий ҳимоя органларига берилганини маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг Current Time лойиҳаси.
Журналистлар 2024 йил январида ҳибсга олинган эди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги экспертиза хулосаси асосида уларга қарши жиноят иши очилгани ҳақида билдирган. ИИВ қайдича, экспертиза журналистларнинг материалларида оммавий тартибсизликларга чақириқ унсурлари бўлганини аниқлаган. Суд жараёни чоғида лингвистлар “Эркинлик берилмайди, эркинлик учун барчамиз курашишимиз керак” деган жумлада оммавий тартибсизликка чақириш аломатини кўришганини айтишган. Бу жумла қирғизларнинг машҳур “Манас” эпосидан олинган бу иқтибос бўлиб, журналистлар Қирғизистоннинг расмий идораларидаги коррупцияга оид чиқишларини одатда шу жумла билан тугатишган.
Болот Темиров Қирғизистонда суриштирув журналистикасининг кўзга кўринган вакилларидан бири, Temirov LIVE ютуб-канали асосчиси, Factcheck.kg интернет нашри собиқ бош муҳаррири ва Қирғизистоннинг давлат идораларидаги коррупциявий схемалар ҳақида қатор суриштирувларнинг муаллифи бўлиб ҳисобланади. Қирғизистон расмийлари унга қарши бир неча жиноят иши очишган, кейин эса журналистнинг фуқаролиги бекор қилиб, уни мамлакатдан бадарға қилишган.
Бишкекдаги суд қарори ортидан Халқаро матбуот институти (IPI) ҳамда “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотлари журналистларнинг қамалишини қоралаб, баёнотлар тарқатишди. Улар Қирғизистон расмийларини 6 йилга қамалган Махабат Тажибек қизи ва 5 йилга қамалган Азамат Ишенбековни зудлик билан озод қилишга чақиришган.