Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги қошидаги Алоқа соҳасини бошқариш ва назорат қилиш хизмати маҳаллий операторларга TikTok ижтимоий тармоғига киришни чеклаш бўйича чора кўриш зарурлиги тўғрисида хат йўллади. Бу ҳақда бир неча нашр вазирлик вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
ОАВ хабарларига кўра, вазирлик бу қарорни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хати асосида қабул қилган. Бунга ижтимоий тармоқ томонидан “Қирғизистонда болалар саломатчилигига, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси 1-бандига риоя қилинмагани сабаб бўлган.
ОАВ қайдича, МХДҚ хатида TikTok’да болалар информацион маконида “контент цензурасига тизимли ва принципиал ёндашув мавжуд эмас”лиги айтилган. Операторларга ижтимоий тармоққа киришни чеклаш учун 18 апрелгача муҳлат берилган.
Депутат Дастан Бекешев ижтимоий тармоқ блокировкасига оид қарорга изоҳ берар экан, бунинг фейкларга қарши кураш тенденциясининг давоми эканини айтган. Унга кўра, мазкур тенденция кучайиб, ижтимоий тармоқларга қарши курашга айланиб кетган.
“Нима бўлганда ҳам, бу тенденция давом этади ва шунинг учун ҳам VPN-сервислардан фойдаланишни ўрганиб туришни маслаҳат бераман”, деб ёзган депутат ўз телеграм-каналида.
Бу Қирғизистон расмийларининг TikTok ижтимоий тармоғига чеклов киритиш бўйича илк уриниши эмас. 2023 йил ноябрида Қирғизистон Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқни блокировка қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. Вазирлик хатида “ижтимоий тармоқ контенти ўсиб келаётган авлоднинг эмоционал ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши” урғуланган.
Шундан сўнг мамлакат расмийлари билан музокара ўтказиш учун Қирғизистонга TikTok директори Сергей Соколов келган. Ўшанда Маданият вазирлиги Қирғизистон томони TikTok масъуллари олдига ёш чекловини жорий қилиш ва платформа тартиб-қоидаларини мамлакат қонунчилигига мувофиқ ҳолатга келтириш шартини қўйганини билдирган.
Ўтган йил декабрида Қирғизистонда TikTok блокировка қилинмагани маълум бўлган эди.