Қирғизистондаги сел оқибатида 10 яшар бола нобуд бўлди

Жалолобод вилоятидаги сел тошқини оқибатлари, 2024 йил 17 июни

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Новкен тумани Эски Қўчқорота қишлоғида 17 июндаги сел тошқини оқибатида 10 яшар ўғил бола қурбон бўлган. Бу маълумотни Озодликнинг қирғиз хизматига маҳаллий расмийлар тасдиқлашган.

Жалолобод вилоятининг Новкен тумани Ўзбекистоннинг Андижон ва Наманган вилоятлари билан чегарадош.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, боланинг жасади маҳаллий турғунлар томонидан соат 19:10 да топилиб, қариндошларига топширилган. Вазирлик сув тошқини Новкен туманининг Бўстон қишлоғида ҳам содир бўлганини маълум қилган. Бу қишлоқда 2143 та уй хўжалиги борлиги айтилмоқда.

ФВВнинг қўшимча қилишича, ҳар икки қишлоқда хавф остида бўлган уйларда яшаган 300 нафар турғун вақтинча хавфсиз жойларга эвакуация қилинган.

Қишлоқлар таҳдид солган сув тошқини натижасида Бишкек - Ўш трассасининг 518-километри ҳам ёпилиб қолган, бироқ маҳаллий вақт билан соат 21:10 га бориб йўл тозаланган ва бир томонлама ҳаракат учун очилган. Тошқин оқибатларини бартараф қилиш ишларига ФВВ маҳаллий маъмурият, ИИВ, Фуқароларни ҳимоя қилиш хизматлари ходимлари ҳамда махсус техникани жалб қилган.