Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида 2 май куни бўлиб ўтган оммавий тадбир чоғида кичик ҳажмли Porter юк машинаси 29 нафар болани уриб кетган. Бу ҳақда давлатга қарашли “Кабар” ахборот агентлиги соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимга кўра, ҳодиса чоғида 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар жабрланган. Улардан етти нафари вилоят касалхонасининг жонлантириш бўлимида ётибди, уч нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаган уч бола Сузоқ туман касалхонасига етказилган. Яна саккиз нафар бола Умумшифокорлик амалиёти марказига ётқизилган, уларнинг аҳволи “ўртача” дея баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, 11 нафар болага воқеа жойининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган. Вазир Бейшеналиев жабрланганларга ёрдам кўрсатиш масаласини шахсий назоратига олгани ва уларни сифатли тиббий ёрдам билан таъминлаш ҳақида топшириқ берганини айтган. Воқеа содир бўлган жойдан олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.
Ички ишлар вазирлиги вакиллари Озодликнинг қирғиз хизматига мазкур нохуш воқеа Сузоқ туманининг Жирғатол қишлоғида болалар “Манас” эпосини айтаётган пайтда содир бўлганини тасдиқлашган. Ҳуқуқ-тартиботчилар маълумотига кўра, 48 ёшли ҳайдовчи томонидан ташлаб кетилган машина ҳаракатга келиб, ўқувчиларни босиб кетган.
Ҳолат Сузоқ туман ИИБ томонидан қайдга олиниб, текширув ишлари бошланган.
Қирғизистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилда мамлакат бўйлаб йўл-транспорт ҳодисалари чоғида 783 киши нобуд бўлган, бу эса 2022 йилдаги кўрсаткичга қараганда 13,5 фоизга кўпдир. Ўтган йили Қирғизистонда жами 6945 та ЙТҲ қайдга олинган.