Жорий йилнинг 19 июль куни Қирғизистон “Айкўл-6” гуманитар дастури доирасида Суриядан ўзининг 22 нафар фуқаросини қайтариб олиб келган. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
ТИВ маълумотига кўра, саккиз нафар аёл ва 14 нафар бола Қирғизистонга Сурия шимолий-шарқидаги қочқинлар лагеридан олиб келинган. Вазирлик инсонпарварлик миссияси АҚШ ҳукуматининг бевосита кўмагида ташкил этилганини қайд этган.
“Инсонпарварлик миссиясини амалга ошириш чоғида қирғиз делегацияси Қирғизистон фуқаролари билан учрашиш ва идентификация тадбирларини амалга ошириш учун “Ал-Ҳол” лагерига боришди”, дейилган Қирғизистон ТИВ хабарномасида.
Бу Қирғизистон фуқароларини Суриядан қайтариш бўйича олтинчи инсонпарварлик миссия бўлиб ҳисобланади. Февраль ойида ўтказилган “Айкўл-5” миссияси чоғида 28 нафар аёл ва 71 нафар бола ватанига қайтарилган эди. 2023 йил декабрида эса “Айкўл-4” дастури бўйича 31 нафар аёл ва 65 нафар бола Суриядан олиб келинган. “Айкўл” инсонпарварлик миссияси доирасидаги репатриациянинг биринчи босқичи эса ўтган йилнинг февраль ойида амалга оширилган. Ўшанда Қирғизистонга Суриядан 18 нафар аёл ва 41 нафар бола келтирилган.
Қирғизистон махсус хизматлари маълумотига кўра, 2018 йили Суриядаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига 850 нафар қирғизистонлик чиқиб кетган, улардан 150 нафари ҳалок бўлган. Ўшанда террор ташкилотлари сафига қўшилган қирғизистонликларнинг 140 нафари аёллар экани айтилган.
2022 йил охирида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Сурия ва Ироқ қамоқхоналарида бўлган 200 нафар қирғизистонлик аёл ва 400 нафар боланинг рўйхати тузилганини маълум қилган эди.
Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига 2013 йилдан буён Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган минглаб киши чиқиб кетган. Ўзбекистон дохил минтақа давлатлари ўз фуқароларини Яқин Шарқ мамлакатларидан қайтариш бўйича бир неча бор инсонпарварлик миссияларини амалга оширишган. Хусусан, ўзбек расмийлари томонидан “Меҳр” номи билан 2019 йилдан бери амалга ошириб келинаётган амалиётлар чоғида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан бир неча юз аёл ва бола ватанига қайтарилгани маълум.