Қирғизистон парламенти депутати Шайлообек Атазов 1 февраль куни Жўғўрқу Кенеш мажлисида TikTok ижтимоий тармоғини блокировка қилишни таклиф қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Атазовга кўра, TikTok ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир кўрсатяпти ва у миллий мафкурага зиддир. Депутат Маданият вазирлигини мазкур ижтимоий тармоққа эътибор қаратишга чақирган.
“Маданият вазирлигига топшириқ бериш зарур, бу йўналишда иш олиб борсин. Оқшомлари оилавий ўтириб, TikTok томоша қилиш уятли ҳолат бўляпти. Давлатнинг миллий сиёсати бўлиши керак-да”, деган депутат Апазов.
Бу Қирғизистонда TikTok’ни блоклаш бўйича парламент депутатлари томонидан билдирилаётган таклифларнинг биринчиси эмас. Ўтган йилнинг сентябрь ойида депутат Надира Нарматова TikTok тармоғига “бемаъни нарсалар” қўйилаётганини айтган. Бошқа бир депутат – Жанибек Қидиқбаев эса ноябрь ойида TikTok болалар онгига “салбий таъсир” кўрсатаётгани иддаоси билан мазкур ижтимоий тармоқни тўсиб қўйишга чақирган эди.
TikTok Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар дохил кўплаб ўлкаларда кенг тарқалган, қисқа видеоларни жойлаш ва томоша қилишга мўлжалланган ижтимоий тармоқдир. Дунёда энг кўп юклаб олинадиган иловалардан бири бўлган TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига қарашли.
Қирғизистонда ҳам минглаб одам TikTok тармоғидан актив фойдаланишади. Шунингдек, бу платформага қирғизистонлик ўнлаб машҳур блогерлар ўз контентларини жойлаб келишади.