Қирғизистонлик мусиқачи Қозоғистонда бошидан кечирган қийноқлар ҳақида сўзлаб берди

Қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рўзахунов

Қозоғистонда январь ойида қўлга олиниб, тартибсизликларда иштирок этганликда айбланган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рўзахунов у ерда бошидан кечирган қийноқлар ҳақида илк бор сўзлаб берди. Бу ҳақда у “Instagram”даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

Викрам, агар ўша интервью бўлмаганида, унинг қаердалиги ва қандай воқеаларни бошидан кечирганини ҳеч ким билмай қолиши мумкинлигини айтган.

“Журналистларга айтдим, бунга ҳеч ким ишонмайди, Қирғизистонда менинг ўз ишим бор, дедим, аммо улар қулоқ солишмади. Юзлаб асоссиз ҳибсга олинганлар орасидан айнан мени танлаган, сценарийни ёдлашга ва камера қаршисида ўқиб беришга мажбур этган одамга раҳмат айтаман. Врачларнинг айтишича, куним битишига оз қолган экан, чунки синган қовурғаларим чап ўпкамни шикастлаган, яна бир-икки зарба есам, юрагимга ҳам зарар етган бўларди”, деб ёзган мусиқачи.

Рўзахунов унинг озод бўлишига ва Қирғизистонга қайтишига кўмаклашган барчага миннатдорлик билдириб, “сўроқларда, қийноққа солишган пайтларда “мен таниқли мусиқачиман” дея қайта-қайта такрорлаганига қарамай, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимларидан ҳеч бири унинг шахсини текширмаган”ини қўшимча қилган.

Жорий йилнинг январида Қозоғистонда юз берган тартибсизликлар чоғида ўн нафар қирғизистонлик қўлга олинган эди. Яна икки қирғиз фуқароси қурбон бўлган. Маҳбуслар орасида машҳур мусиқачи Викрам Рўзахунов ҳам бўлган.

Қозоғистон кучишлатар идоралари юзи моматалоқ бўлиб кетган Викрам тартибсизликларда иштирок этганини тан олгани акс этган видеони ёйинлаган. Қирғизистонда уни таниб қолишган ва жанжал кўтарилганидан сўнг у ватанига қайтарилган.

Қирғизистонга келгач Викрам қўйиб юборишлари учун ўзига нисбатан туҳмат қилганини айтган. Кейинроқ у барча расмий баёнотлари “ҳануз Қозоғистонда тутқунликда сақланаётган барча инсонлар учун қилинганини, ҳар бир сўзи уларнинг аҳволига таъсир этиши мумкин”лиги ҳақида ёзан. Шунингдек, мусиқачи унга интервью бериш тақиқланганини қўшимча қилган.