Қирғизистонликлар президент ҳокимиятини кучайтирувчи конституцияни ёқлаб овоз берди

Ўшдаги сайлов участкаларидан бири, 2021 йил 11 апрели

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг кўпчилиги, дастлабки натижаларга кўра, президент ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирадиган конституциянинг янги таҳририни ёқлаб овоз беришган. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бюллетенларнинг 90 фоизи саналган пайтда янги Конституцияни ёқлаб овоз берган сайловчилар 79 фоизни ташкил қилган. МСК референдумда сайловчилар давомати 35 фоизни ташкил қилганини билдирган. Референдум “бўлиб ўтди” дея тан олиниши учун, Қирғизистон қонунчилигига кўра, унда 30 фоиз сайловчи иштирок этиши кифоя.

Конституциянинг янги таҳририда парламент депутатлари сони 120 нафардан 90 нафарга туширилган, президентга судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқи берилган. Конституция лойиҳасига президент томонидан чақириладиган янги институт – Халқ қурултойи киритилган. Танқидчилар “мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органи” бўлган Қурултойнинг парламент функциясини қайталайдиган орган бўлиши ва президентга катта ваколатлар бериши мумкинлигини айтмоқдалар.

Референдум Садир Жапаров президент этиб сайланганидан уч ой ўтгач бўлиб ўтди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда 2020 йил октябрида содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Ўша пайтда Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Садир Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этган эди.