Нобель мукофотининг 39 нафар лауреати жаҳон ҳамжамиятини Россия босқинини даф қилишда Украинага дастакни кучайтиришга, Россиядаги демократик мухолифатни қўллашга ва Владимир Путинни мамлакат президенти ўлароқ тан олмасликка чақирди. Мазкур чорлов илмий мақолалар чоп этилувчи “T-инвариант” сайти орқали ёйинланган.
“Украинадаги уруш ва Алексей Навальнийнинг ўлдирилиши фақат Россия ва Украинагагина дахлдор эмас. Путин режими ўзининг бутун инсониятга тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ таҳдид эканини кўрсатиб қўйди. Фақат демократия тамойиллари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро қонунчиликка риоя қилган тақдирдагина инсоният ўзини ўзи йўқ қилишдан қутулиб қолиши мумкин. Путин режими уларни сурбетларча оёқости қилди… Биз эзгу ниятли барча инсонлар ва жаҳон лидерларини жаноб Путин ва унинг жиноий режимига нисбатан ҳар қанақа пуч хаёллардан воз кечишга чақирамиз”, дейилган чақириқ матнида.
Нобель лауреатлари имзолаган матнда Путин хатари ҳақида дунёни Навальний ва Россия мухолифатининг бошқа лидерлари огоҳлантиргани таъкидланган. “Россияликларнинг демократик келажакка ишончи”ни мустаҳкамлаш учун муаллифлар Россия билан урушда Украина ғалабасини таъминлашни таклиф қилишган.
Матнга физиология ва тиббиёт бўйича 16 нафар, физика бўйича 9 нафар, кимё бўйича 6 нафар, адабиёт бўйича 4 нафар ва тинчлик мукофотига сазовор бўлган 3 нафар лауреат қўл қўйган. Улар орасида беларуслик Светлана Алексиевич билан украиналик Александра Матвийчук ҳам бор.