Марказий банк валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини кучайтиргани ва айрим чекловларни жорий этгани ортидан Россиянинг QIWI тўлов тизими 18 декабрдан Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда QIWI Uzbekistan расмий сайтида маълум қилинди.
Расман билдирилишича, Ўзбекистондаги мижозларнинг деярли 90 фоизи QIWI ҳамёнидан хорижий хизматлар ва халқаро пул ўтказмалари учун тўловларни амалга оширишда фойдаланган. Аммо ҳозирги кунда Ўзбекистонда электрон ҳамёнларга бундай хизмат кўрсатиш тақиқланган.
"Ўзбекистон Марказий банки тўлов тизимларига мана шундай чекловлар жорий этгани ортидан ушбу хизматлар ҳозирда мавжуд эмас”, — дейилади QIWI билдирувида.
QIWI Ўзбекистондаги мижозларини ҳисобида қолган пулларни 18 декабргача Uzcard ва HUMO бкарталарига ўтказиб олишни илтимос қилди.
Бундан ташқари QIWI 16 ноябрдан бошлаб электон пулларни сақлаш хизмати учун кунига 75 минг сўмдан ҳақ олинишини маълум қилди.
Ўзбекистондаги Oson, PayWay ва бошқа хизматлар ҳам 5 сентябрдан халқаро пул ўтказмалари ҳамда хорижий хизматлар учун тўловларни вақтинча тўхтатиб қўйган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Марказий банки 4 ноябрда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини ўзгартиришга оид идоралараро қарор лойиҳасини муҳокама қўйган эди. Бу лойиҳа тадбиркорлар томонидан кескин танқид қилинмоқда.
Тадбиркорлар фикрича, қарор кучга кирган тақдирда тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валютасини харид қилиш устидан назорат кучайтирилади ва инвесторлар Ўзбекистонга сармоя киритишдан тийилади.
Марказий банк тадбиркорларнинг бу баёнотларига муносабат билдирар экан, конвертация қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар “валюта операцияларини чеклашни эмас, амалдаги нормаларни аниқлаштириш ва операцияларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш”га қаратилганини таъкидламоқда.
Марказий банк таклиф қилаётган янги тартибга асосан хорижий инвесторларнинг фойдалари, дивидендлари ва бошқа даромадлари репатриация қилинганда — фойда тақсимоти, дивидендлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик ташкилоти ёки солиқ органининг хулосаси, шунингдек солиқ органининг даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги тасдиқномаси талаб қилинади.
Бундан ташқари банк миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам талаб қилиши мумкин.