Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Ангрен туман суди Андижон тергов изоляторида калтаклангани ортидан вафот этган маҳбуснинг ўлимига алоқадорликда айбланган 12 нафар ички ишлар ходимини турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди.
Олий суднинг 14 июнда билдиришича, суд ҳукми 22 май куни ўқилган. Тергов материалларида қайд этилишича, 2022 йилнинг 21 мартида 31 ёшли Санжарбек Мамажонов Андижондаги 3- сонли тергов изоляторида вафот этган. Унинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган. Ўша куниёқ Андижон шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-банди «д» пункти (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатган.
Мамажонов муқаддам ўғрилик учун судланган, аммо унинг жазо чораси кейинроқ аҳлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган эди. Мамажонов аҳлоқ тузатиш ишларида қатнашишдан бош тортгани ортидан суд унга яна қамоқ жазоси белгилаган. У тергов изоляторида ҳибс қилинган.
21 мартга ўтар кечаси соат 3:38 да тергов изоляторининг олти ходими Мамажоновни “қамоқ тартибини бузган” деган баҳона билан камерадан олиб чиққан ва соат 7:01 гача резина тўқмоқлар, оёқ ва қўллари билан калтаклаган. Унга аҳволи ёмонлашганига қарамай, тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Шундан сўнг Мамажонов бошқа камерага жойлаштирилган ва у ерда уни маҳбуслардан бири яна калтаклаган. Бунинг оқибатида у 21 март куни соат 15:05 да вафот этган. Уни ўлимидан олдин изоляторнинг тиббиёт бўлими бошлиғи Тўхтақул Алламатов ва психиатр Шукрулло Алимов текширган. Текширувда маҳбуснинг бош чаноғи жароҳатлангани, қовурғалари синдирилгани ва бошқа жароҳатлар аниқланган. Бироқ врачлар унга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатмаган.
Мазкур иш юзасидан 3-сонли тергов изоляторининг 12 ходими, жумладан, 2 врач ва 1 маҳбус суд жавобгарлигига тортилган.
Суд ҳукми билан тергов ҳибсхонаси бошлиғининг ёрдамчиси У. А., тартибот бўлими катта инспектори Ж. Р., тартибот бўлими корпус каттаси Э. Р., ва яна уч ходим 4 йилданга, 4 ходим 3 йилданга озодликдан маҳрум қилинди. Шифокорлар Т.А., ва Ш.А., уч йилдан озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Мамажоновни камерада калтаклаган махбус Ж.У., 4 йил бир ойга қамалди.