Қозоғистонда Январь воқеалари пайтида қўлга олинганлардан олти нафари қийноқлар оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида 29 июнь куни Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев хабар берди.
Унга кўра, қўлга олинганларни ҳибсда қийноққа солганликда гумонланган Миллий хавфсизлик қўмитасининг 8 зобити ва бир нафар полиция ходими қамоққа олинди. Бундан ташқари яна 15 зобит “митингга чиққан одамларни қийнаган”ликда ва “уларни ноқонуний равишда сўроқ қилган”ликда гумонланмоқда.
Аввалроқ Бош прокуратура Январь воқеаларида қўлга олинган 25 киши қийноққа солингани тасдиқлангани, терговчилар уларнинг танасига иссиқ дазмол босгани ҳақида билдирган.
Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев январдаги тартибсизликлар пайтида 232 киши ҳалок бўлганини айтди.
Бундан аввал қозоқ ҳукумати 230 киши ҳалок бўлгани, уларнинг 19 нафари ҳуқуқ-тартибот ходими эканини билдирган. Биргина Олмаотанинг ўзида 149 тинч фуқаро ўлгани айтилади.
Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳри аҳолиси 2 январь куни газ нархи қимматлаганига норозилик сифатида намойишга чиқан эди. Кейинроқ бу намойишлар бутун мамлакатга ёйилди. 5 январдан сўнг қатор шаҳарларда, жумладан, Олмаотада намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган ва ўқ отилган.