Қиз фарзанд кўрса “чиқиндига ташлаши”ни айтган тиктокерга нистабан жиноят иши қўзғатилди

TikTok ва YouTube платформаларида Sardor gangster тахаллуси билан танилган Сардор Сафарбоев (видеодан скриншот)

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи Sardor gangster тахаллуси билан TikTok ва YouTube платформаларида танилган блогер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши очди.

“Sevimli” телеканалининг “Zamon” ахборот дастури хабарига кўра, жиноят ишига блогернинг хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлашини айтгани сабаб бўлган.

Мен қиз фарзанд кўрмайман. Агар қиз фарзанд кўрсам, олдириб ташлайман. Қиз керакмас. Хотин туққанидан шундай бораман, қизми, чиқинди идишга отиб юбор, дейман. Керакмас! Мен дўзахга кирсам ҳам ўғил фарзанд туғдираман”, деган Sardor gangster ижтимоий тармоқларда тарқалган видеосида.

Ушбу чиқиш жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Бунинг ортидан Сафарбоев баҳсли фикр учун жамоатчилик, хусусан, хотин-қизлардан тиз чўккан ҳолда узр сўраган.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот котиби Ирода Расулова Сардор Сафарбоев хотин-қизлар қадр-қимматини таҳқирлаганини қайд этган.

Тармоқлардан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари бор. Қоидаларни бузган фуқаролар қонуний тартибда жазоланади. Шуни унутманг, хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида”, деган ИИБ вакили.

Тиктокер айбланаётган Жиноят кодексининг 140-моддасида (ҳақорат қилиш) БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима, 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар кўзда тутилган.

Озодлик блогер Сардор Сафарбоев жорий йил 21 февраль куни “миллий, ирқий, этник ёки диний адоват”да айбланиб 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берганди.