Ўзбекистонда 1 январдан 24 январгача 828 нафар бола қизамиққа чалинганликда гумонланиб касалхоналарга ётқизилди.
Хоразм вилоятида қизамиқ эпидемияси бошлангани ҳақида келган хабар ортидан Озодлик гаплашган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси, ҳозирда энг қийин вазият Қашқадарё вилоятида юзага келганини билдирди.
Хоразм вилоятида қизамиқнинг юзага келишига ҳам¸ расмий таъкидича¸ Қашқадарё вилоятидан даволаниш учун борган беморлар сабаб бўлган.
Хоразмдан ваҳимали хабар: Қизамиқдан ўлганлар бор!
23 январь куни Озодликка хабар жўнатган хоразмликлардан бири Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарёда тарқалган қизамиқ Хоразмга ҳам етиб келганидан ташвиш билдирди.
"Хоразм вилояти бўйлаб қизамиқ тарқалди. Касалхоналар ёш гўдакларга тўлиб кетди. Беморларни қабул қилишга жой йўқ. Қизамиқ катта ёшдагиларга ҳам юқаяпти, касаллик оғир кечаяпти. Ҳатто ўлим ҳолатлари борлиги ҳам айтилаяпти. Айрим хонадонларда бештагача бола қизамиққа чалинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мутахассислар ва керакли тиббий техник воситаларни Хоразмга жўнатишни ва эпидемияни тўхтатишни талаб қиламиз", дейилади хабарда.
Мазкур хабар ортидан Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан боғланди. Агентлик мутассаддиси Хоразмда қизамиқ тарқаганини тасдиқлади.
"Бироқ ўлим ҳолатлари бўлган эмас, бу гап ёлғон. Самарқандда ҳам бир бола қизамиқдан ўлди, деган ваҳималар тарқалган эди. Текширув натижасида бу гап ҳам тасдиқланмади", деди мутасадди.
"Врачлар қизамиққа тўғри диагноз қўя олмаётганидан касаллик ëйилмоқда "
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда қизамиқ эпидемиясининг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичини маълум қилди.
Унга кўра, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 357, Тошкент шаҳрида 220, Самарқанд вилоятида 89, Сирдарё вилоятида 49, Жиззах вилоятида 34, Тошкент вилоятида 33, Хоразм вилоятида 19, Сурхондарё вилоятида 15, Навоий вилоятида 12 нафар бола қизамиқда гумонланиб касалхонага ётқизилган.
“Қашқадарёдаги вазиятни яхши эмас, деб айта оламиз. Бунга врачларнинг тўғри диагноз қўя олмаётгани ҳам сабаб бўлаяпти. Қизамиқнинг биринчи симптоми - иситма чиқиши билан ота-оналар болаларини шифокорга олиб келади, лекин ташхис тўғри қўйилмасдан, дастлаб бемор бола оддий бўлимга ётқизилади. Кейин ташхиси аниқ бўлганидан кейин инфекциявий касалликлар шифохонасига кўчирилади. Мана шу жараёнда бошқа болаларга ҳам қизамиқ юқиб қолаяпти”, -деди мутасадди.
Расмийнинг билдиришича, қизамиқ муаммоси Соғлиқни сақлаш вазирлигида муҳокама қилинган ва барча касалхоналарга бемор болада қизамиқнинг биттагина симптоми аниқланган тақдирда ҳам зудликда тегишли чоралар кўрилиб, беморни изоляция қилган ҳолда касалхонага ётқизишга кўрсатма берилган.
“Ҳозир қизамиққа чалинганларнинг энг асосий қисми 1 ёшгача бўлган ва фақат бир марта эмланган болалардир. Қизамиққа иккинчи эмлаш олти ёшда амалга оширилади. Шунинг учун олти ёшдан ошганлар ўртасида қизамиққа чалинганлар жуда кам”, - деди мутасадди.
"Қизамиқ эпидемиясига қарши эмлаш жараёни ҳалигача бошлангани йўқ"
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Самарқанддаги бошқармаси ходимларидан бири қизамиқнинг кенг тарқалиб бораётганига эмлаш ишлари суст олиб борилаётганини сабаб қилиб келтирди.
“9-10 январдан қизамиққа қарши оммавий эмалаш жараёни бошланиши керак эди. Бироқ шу кунгача Самарқандда бу иш бошланмади. Вакцина чет элдан олиб келинади. Ҳозир бизда йўқ экан”, - деди бу манба.
Агентликнинг Тошкентдаги марказий аппарати ходими бу маълумотни тасдиқламади:
“Ҳозир бизда эмлашни бошлашга етадиган даражада заҳира бор. Вилоятларга баҳоли қудрат бўлиштириб берганмиз. Айни пайтда чет элдан яна оммавий вакцинация учун 640 мингта вакцина олиб келдик. Ҳозир бу вакциналар божхонада расмийлаштирилмоқда. Яқин кунларда уларни ҳам вилоятларга тарқатамиз”, - деди расмий.
Айни пайтда¸ Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки йил олдин қизамиқдан холи мамлакат деб топилган Ўзбекистонда қизамиқнинг қайта ëйилаëтгани ҳақида ҳозирча аҳолини очиқ огоҳлантирганича йўқ.
Қизамиқ бўйича вазиятни назоратга олишга кўрсатма берилган
Озодлик радиоси 9 январь куни Ўзбекистонда қизамиқ эпидемияси пайдо бўлгани ҳақида лавҳа эълон қилган эди.
Мавзуга алоқадор Қизамиқдан xоли деб эълон қилинган Ўзбекистонда бу касаллик яна кенг тарқалмоқда
Лавҳада Ўзбекистон Бош давлат санитария инспектори Баҳром Алматов 9 январь куни ўтказган видеоселекторда келтирилган рақамларга кўра¸ 2019 йилдан то 9 январга қадар мамлакат бўйича 4127 та қизамиқ ҳолати расман қайд этилган.
Қизамиқ бўйича вазиятни тезда назоратга олиш учун видеоселектор йиғилишида вазият оғир бўлган вилоят ва туманларга Тошкентдан махсус мутахассислар гуруҳи юборилиши айтилган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2017 йили Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакатлар рўйхатига киритган эди.
Расмий рақамларга кўра¸ мамлакатда 2017 йилга келиб қизамиққа қарши эмлаш даражаси биринчи вакцинацияда 99,5 фоиз, такрорий вакцинация эса 99,7 фоизни ташкил этган.
Аммо 2019 йил август ойида мамлакат¸ хусусан¸ Самарқандда қизамиқ тарқагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди ва бу хабарни тасдиқлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга қизамиққа қарши эмланмаган чет эл фуқаролари сабаб бўлганини иддао қилди.
9 январь кунги йиғилишда¸ қизамиқ эпидемиясининг қайта бошланишига¸ жойлардан берилган статистиканинг сохта экани¸ эмланган болаларни ҳам эмланди деб ҳисобот беришлар сабаб бўлгани ҳам тилга олинди.
40 даражагача борувчи температура қўзғайдиган қизамиқ вируси пневмония, мия шикастланиши, кўрлик ва карликни келтириб чиқариши¸ айрим ҳолатларда эса ўлим билан тугаши мумкин.