“Ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди”, деб билдирди Маданият ва туризм вазирлиги 26 майга ўтар кечаси.
1946 йил 25 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Вазирликнинг таъзияномасида билдирилишича, у меҳнат фаолиятини 1965 йилда Ўзбек давлат филармониясида балет солисти сифатида бошлаган. У раққоса сифатида 1989 йилгача фаолият олиб борган.
1989−1991 йилларда “Ўзбекистон” театр-студияси солисти, 1991−1995 йилларда Тошкент давлат маданият институтида ўқитувчи, 1999−2005 йилларда халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида ишлаган.
Қизлархон Дўстмуҳамедова “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли”, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” каби мумтоз рақслари билан халқ орасида машҳур бўлган эди.
1985 йилда Қизлархон Дўстмуҳаммедова ижодига бағишланган “Нафосат гулдастаси” фильми суратга олинган.