Бир пайтлар Тошкент шаҳрининг рамзларидан бўлган “Чорсу” меҳмонхонаси бузилиб, ўрнида 29 қаватли янги меҳмонхона қурилади.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, Тошкентда 2 ноябрь куни Чорсу майдонини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилган.
Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси ишлаб чиққан 170 млн долларлик лойиҳа доирасида Чорсу майдонида янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва тураржой бинолари барпо этилади.
Қурилиш ишларини 2025 йилда бошлаб, 2029 йилда якунлаш режалаштирилган.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик ва хорижий сармоядорлар консорциуми томонидан амалга ошириладиган лойиҳа якунида Тошкент шаҳри фондига қарийб 113 минг квадрат метр тураржой ва тижорат кўчмас мулклари қўшилади.
“Чорсу” меҳмонхонаси 1982 йилда меъмор Владимир Спивак лойиҳаси бўйича қурилган ва дастлаб “Москва” деб номланган эди. Иншоот салкам чорак асрдан бери қаровсиз ҳолда ётибди.
Озодлик 2020 йилда “Чорсу” меҳмонхонаси қароргоҳи БААда бўлган Ittihad International Investment LLC инвестициявий ширкатига 16 миллиард 900 миллион 1 сўмга сотилгани ҳақида хабар қилганди.
Аукцион шартига кўра, “Чорсу”ни сотиб олган сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестиция киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим эди.
Бунга қадар меҳмонхона корейс ва турк сармоядорларига ҳам сотилгани маълум.
Хабарларга кўра, жорий йил октябрь ойида техник экспертиза мутахассислари бино темир-бетон конструкциялари жиддий деформацияга учраган ва иншоотни реконструкция қилиш мумкин эмас дея хулоса берган.