Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган фарғоналик 11 кишига нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ва Қўқон шаҳрида яшаган бу одамлар ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида қўлга олинган.
Улар 2021-2023 йиллар давомида “Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда “шанбалик ошлар” ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яҳё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган”и иддао қилинмоқда.
Улар Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва “Халифалик” давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишгани айтилмоқда.
Судланувчилардан 2 нафари Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида 3000 АҚШ долларига яқин маблағ юборишганини эътироф этишган.
Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-3 (Терроризмни молиялаштириш), 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) , 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддалари (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов билдирилган, суд эса уларни айбли деб топган.