Қўқондаги буюм бозорида йирик ёнғин содир бўлди

Иллюстратив сурат

Қўқон шаҳрининг Байналминал кўчасида жойлашган бозорда 12 июнь куни катта ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, “Буюк ипак йўли” савдо комплекс худудидаги дўкон расталарида ёнғин чиққани тўғрисидаги хабар қутқарувчиларга оқшомги соат 19:17 да келиб тушган.

Хабар ортидан воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи йўлланган, ёнғин ҳудудига соат 19:25 да етиб борган ўт ўчирувчилар алангани ўчиришга киришганлар.

ФВВ хабарномасида ўт ўчирувчилар ёнғинни қуршаб олгани ва алангани батамом ўчиришга уринаётгани, айни пайтда ҳодиса оқибатида яраланган ёки нобуд бўлганлар тўғрисида хабар келиб тушмагани қўшимча қилинган.

Буюм бозорида неча квадрат метр жой ёнгани, қанча дўконга шикаст етгани ҳамда қанча моддий зарар етгани тўғрисида ҳали бирор маълумот йўқ.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда одамлар жон ҳолатида дўконлардаги мол ва ашёларни ёнғиндан қутқаришга ҳаракат қилаётгани акс этган.