Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов қўшиқчи Равшан Собировга деҳқончилик қилиш учун 1 гектар ер ажратиб берган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, куни кеча Ғузор туманига борган қўшиқчи Равшан Собиров туман ҳокими Бекзод Суюновнинг таклифига биноан тумандаги "Ёшлар шаҳарчаси"да бўлиб, гулхан атрофида ёшлар билан дилдан суҳбатлашган.
Тадбирда туман ҳокими ва қўшиқчи ёшларни қизиқтирган саволлари, таклиф ва мулоҳазаларини тинглашган, Равшан Собиров ўз қўшиқларидан хиргойи қилиб берган.
“Шундан сўнг ёшлар ва санъаткорнинг таклифига кўра, Ёшлар шаҳарчасида ташкил этилган Кооперация ер майдонидан деҳқончилик қилиш учун Равшан Собировга 1 гектар ер майдони ажратиб бериладиган бўлди”, дейилган хабарномада.
45 ёшли қўшиқчи бу ерда деҳқончилик билан шуғулланадими-йўқми – бу хусусда маълумот берилмаган.
Ҳокимлик ахборот хизмати аввалроқ Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси, Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхан Худайбергенов ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев туман ёшлари ва сарчашмалик ёшлар билан учрашгани ҳамда уларга “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ер майдони ажратиб бериш мақсадида Кооперация ташкил қилинганини эслатган.
Айтилишича, ажратилган ер майдонидан ёшларнинг 60 нафари самарали фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб катта даромад олишган.