Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 январидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати Мирзиёев ўтган йили ҳам айнан январь ойида қисқа муддатли таътилда бўлганини эслатган.
Ўзбекистон президентининг таътилга кетиши қўшни Қозоғистонда аҳоли орасида ҳукуматга нисбатан норозилик тўлқини кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди. Норозилик чиқишлари ортидан 5 январь тонгида Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев ҳукумат истеъфосини қабул қилгани тўғрисида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Қозоғистон ғарбида суюлтирилган газ нархини пасайтириш талаби билан бошланган оммавий норозилик чиқишлари кейинроқ мамлакат бўйлаб ёйила бошлаган ва Тошкент вилоятига ёндош бўлган Туркистон вилоятига ҳам етиб келган.
Норозилик чиқишларининг учинчи куни расмийлар суюлтирилган газ нархини талаб қилинган даражагача пасайтиришга рози бўлганлар, бироқ намойишчилар эндиликда сиёсий талаблар чиқа бошлашган.