Қодиров Украинани “қўшиб олиш билан боғлиқ масалани ҳал қилиш”га тайёрлигини билдирди

Рамзан Қодиров

Рамзан Қодиров Украинани Россияга ёки Чеченистонга “қўшиб олиш” билан боғлиқ “масалани ҳал қилиш”га ҳозирлигини билдирди. Чеченистон раҳбари мазкур баёнотни, “РИА Новости” хабарига кўра, Грозний шаҳрида ўтказилган матбуот анжумани чоғида берган.

“Украина бизнинг мамлакатимизга қўшиб олиниши лозим, бу бизнинг ҳудудимиз”, деган Қодиров “агар бу масала менга топширилганида эди, аллақачон ҳал қилган бўлардим”, деб айтган. Чеченистон раҳбарига кўра, бу ишни амалга оширишга “давлат даражасидаги шартномалар” монеълик қилмоқда.

Рамзан Қодировнинг баёноти Россия билан Украина чегарасида вазият таранглашган бир пайтда янгради. Ғарб махсус хизматлари Москва Украинага қарши тўлақонли ҳужум ҳозирлаётганидан огоҳлантирмоқдалар. Кремль урушга тайёргарлик кўрилаётганини рад этмоқда.