24 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор чиқарди.
Филолог олим Сайфидин Сайфуллоҳ Озодлик билан суҳбатда қадимий қўлëзмалар тақдирига жиддий эътибор берилишини “ҳечдан кўра, кеч” бўлган муҳим қадам сифатида баҳолади.
Президент осори-атиқа ва қўлëзмалар ҳимоясига бел боғлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Олмазор туманига қилган ташрифи чоғида “дунëнинг қаерида бўлса ҳам¸ Ўзбекистон тарихи ва маданиëти билан боғлиқ осори-атиқа ва қўлëзмаларни мамлакатга олиб келиш” ташаббусини илгари сурган эди.
Бу ташаббус ортидан 24 май куни қабул қилинган қарорда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича ягона марказга айланди.
Қарорда¸ айнан шу институт қошида ёзма ёдгорликларни тўплаш, баҳолаш ва сотиб олиш билан шуғулланадиган экспертлар гуруҳи ва махсус комиссия тузиш кўзда тутилган.
Қадимий қўлëзмалар бўйича мутахассис¸ матншунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳга кўра¸ янги чиққан қарор тарихий меросни таҳлил қилиш ва йўқолиб кетаëтган қадимий қўлëзмаларни асраб қолишга шароит яратади:
- Қўлëзмалар институтида ҳали ўрганилмаган юзлаб китоб бор. Президент қароридан кейин¸ умид қиламанки¸ буларни ўрганиш учун янги штатлар очилиб¸ мутахассислар жалб қилинади. Иккинчидан¸ халқнинг қўлида ноëб қадимий китоблар кўп. Улар бу китобларни ўзи ҳам ўқимайди¸ бошқага ҳам бермайди. Бундан буëн ҳукумат пул ажратади ва бу китобларни келишилган нархда сотиб олиш имкони яратилади. Учинчидан¸ мавжуд қадимий китоблар рақамли технология ëрдамида тизимга солинади. Махсус компьютер дастури яратилади¸ дейди бу қарорни олқишлаган суҳбатдош.
Мустақилликдан бери ғазнасиз қолган хазина
Узоқ йиллар Маданият вазирлигининг Қадимий ëдгорликларни сақлаш идорасида ишлаб¸ нафақага чиққан мулозим Рауф Қўзиевнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон мустақил бўлган 1991 йилдан бошлаб қадимий қўлëзмаларни сотиб олишга давлат маблағ ажратмай қўйган:
- Совет даврида Қўлëзмалар инстититути ва Адабиëт музейи қадимий китобларни тизимли равишда аҳолидан сотиб олар эди. Уларга бу мақсад учун йиллик фонд очилган эди. Масалан¸ Адабиëт музейи йилига 200 минг совет сўмини (ўша пайт курси бўйича 200 минг АҚШ доллари) аҳолидан китоб сотиб олишга сарфлар эди. Давлат Эксперт комиссияси ҳар квартал аҳоли олиб келган китобларга нарх белгилаб берар эди. Шу тариқа¸ Ўзбекистон Қўлëзмалар институтида Марказий Осиëдаги энг катта қўлëзмалар коллекцияси вужудга келган эди. 1991 йилдан кейин эса қўлëзма сотиб олиш учун давлат пул ажратмай қўйди. Мавжуд коллекцияни сақлаш масаласи яхши бўлмагани боис¸ анчагини китоблар ўғирланди. Қўлëзмалар олдин фақат давлат тасарруфида бўлиб¸ кучли ҳимоя остида эди. Мустақил бўлгандан кейин кўп диний китоблар¸ ҳусусан¸ Ўзбекистон Давлат музейида сақлаб келинган Усмон мусҳаби Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига берилди. Оқибатда¸ қадимий қуръоннинг кийик терисига олтин билан ëзилган 9 варағи диний идора мутаваллиси тарафидан ўғирланиб¸ хорижга сотиб юборилди. Бундай мисоллар кўп¸ дейди суҳбатдош.
Озодлик тасарруфида¸ Қўзиев айтган Эксперт комиссияси протоколлари¸ хусусан¸ 1983 йили Ҳамид Сулаймонов номли Қўлëзмалар институтининг аҳолидан юзлаб қадимий қўлëзмани сотиб олгани ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд. Собиқ мулозим таъкидича¸ Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг инстититут инвентар рақамига эга бу қўлëзмалардан баъзилари изсиз йўқолган.
2013 йили ўзбекистонлик мухолифат фаоли Сафар Бекжон Гулнора Каримовага оид Женевадаги виллага кирган пайтида қадимий Қуръон китоби чиққанини маълум қилиб¸ фотосуратларини Озодликка жўнатган эди.
2015 йили ишдан олинган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Ҳаëт Шарифxўжаев устидан очилган жиноят иш доирасида унинг уйида ўтказилган тинтув пайтида ҳам Қуръоннинг қадимий қўлëзма нусхаси чиққан эди.
Тинтувда иштирок этган экспертлар бу қўлëзманинг “Офоқхўжа Қуръони” деб билинган ноëб китоб эканлиги борасида хулоса бергани Озодлик мақоласида айтилган эди.
Навоий номидаги Адабиëт музейи ходимининг Озодликка айтишича¸ бу қўлëзма Ўзбекистон Қўлëзмалар институтида яқин-яқингача сақланган.
Матншунос олим Сайфидин Сайфуллоҳга кўра¸ Ўзбекистонда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Унга кўра¸ Шарқшунослик институти китоб колекцияси 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бўлса ҳам¸ бу жамғармани ҳимоя қилиш яхши даражада бўлмаган.
Янги қарорда¸ бу қўлëзмалар умрини узайтириш мақсадида китобларни намдан ва ташқи тажовузлардан асрашга маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган.
Сайфидддин Сайфуллоҳ таъкидича¸ институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан ташкил топган.