Қорачой-Черкесияда ҳам ниқобга вақтинчалик тақиқ жорий этилди

Иллюстратив сурат

Қорачой-Черкесия мусулмонлари диний бошқармаси республика ҳудудида ниқобга вақтинча тақиқ жорий этди. Бу ҳақда РБК муфтиятнинг тегишли буйруғига таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, тақиқ “мавжуд хавф-хатар бартараф қилиниб, янги фатво чиққунига қадар” амалда бўлади.

Қорачой-Черкесия муфтийси ва Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил ҳожи Бердиев мазкур буйруқ марказ муфтийлар кенгаши қарорига мувофиқ равишда қабул қилинганини билдирган.

Аввалроқ Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази ниқобда юриш мажбурий эмаслиги ва бу каби кийим-бош Шимолий Кавказ учун ҳеч қачон анъанавий бўлмагани ҳақида баёнот тарқатган.

Қорачой-Черкесия ниқоб вақтинча тақиқланган минтақадаги иккинчи республика бўлди. 3 июль куни Доғистон муфтияти “хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда” ниқобга вақтинча тақиқ жорий этилганини эълон қилган эди.