HRW: Ўзбек хавфсизлик кучлари Қорақалпоғистонда "ҳаддан ташқари" куч ишлатган

Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ҳукумат томонидан уюштирилган пресс-тур чоғида йўлни қўриқламоқда. Нукус, Қорақалпоғистон, 6 июль, 2022 йил.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Ҳьюман Райтс Уотч (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон хавфсизлик кучларини шу йил июнида Қорақалпоғистонда юз берган норозилик намойишларини бостириш чоғида "ҳаддан ташқари ва ҳалокатли" куч ишлатганликда айблаб чиқди.

Ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказиш, жумладан хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини текширишга чақирмоқда.

7 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботда "Қорақалпоғистон автоном республикасида 2022 йилнинг 1 ва 2 июлида асосан тинч ўтган намойишларни тарқатиш учун Ўзбекистон хавфсизлик кучлари асоссиз равишда ўлимга олиб келувчи куч ишлатгани ва бошқа ҳаддан ташқари чораларни кўргани" айтилади.

Ҳьюман Райтс Уотчга кўра, Ўзбекистон хавфсизлик тизимларининг намойишчиларга қарши "ўқотар қуроллар ва турли гранаталар"дан фойдаланганини оқлаб бўлмайди. Бу каби қуроллар, ҳисоботда таъкидланишича, эҳтиёт чоралари кўрилмагани тақдирда оғир жароҳатлар ва ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда

Мустақил тергов талаби

"Хавфсизлик кучлари жавоб чораси ўлароқ эҳтиётсиз фойдаланганда оғир жароҳат ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ўқотар қурол ва ҳар-хил турдаги гранаталарни ножўя ишлатган. Камида 21 киши нобуд бўлган, жумладан, 4 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими; 270 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ўзбекистон ушбу ҳодисалар, жумладан, хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари бўйича мустақил тергов ўтказиши керак", дейилади ҳисоботда.

Ҳьюман Райтс Уотч шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати одамлар оммавий тўпланган жойларда гранаталарнинг маълум тоифаларидан фойдаланиш масаласини зудлик билан қайта кўриб чиқиши кераклигини айтган.

"Қорақалпоғистонда июль ойида кўп одам ҳалок бўлган ва юзлаб одам яраланган – баъзилари ўта даҳшатли жароҳат олган", - деди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

Унинг сўзларига кўра, "воқеалар қандай содир бўлганини тегишли тартибда тергов қилиш ва жиддий қонун бузилишлари учун масъул шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш Ўзбекистоннинг жабрланганлар олдидаги қарзидир".

Human Rights Watch Ўзбекистон парламенти Қорақалпоғистонда июль ойида содир бўлган воқеаларни текшириш учун тузган махсус комиссиянинг мустақиллигини савол остига олган. Ҳисоботда "14 кишидан иборат комиссия аъзолари орасида мансабдор шахслар, сенаторлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертлар борлиги" қайд этилади. Айни пайтда "комиссия якуний ҳисобот чиқаргани ҳам, уни қачон эълон қилишни режалаштирилаётганини ҳам маълум қилгани йўқ".

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қорақалпоқ ёзувчиси: Одамлар норози бўлмаса кўчага чиқмайди

"Очиқ яралар"

Human Rights Watch Нукус шаҳри ва унинг атрофидаги туманларда содир бўлган воқеалар қатнашчилари ёки гувоҳлари томонидан ёзиб олинган, 1 июлдан то 1 августгача ижтимоий медиа платформаларига юкланган, ўлган ва яраланган намойишчилар ҳамда қўлланилган қуроллар акс этган 55 та видеони ҳамда қўшимча 31 та видео 30 та суратни таҳлил қилган.

Ташкилот визуал далилларни мустақил тиббий таҳлил қилиш орқали "одамларнинг тўқималари портловчи моддалар келтириб чиқарадиган жароҳатга мос келадиган тарзда жиддий шикастланган, ва эҳтимол, улар ҳалок бўлган еттита ҳолатни аниқлагани"ни айтган.

Жумладан, Нукусдаги "Тошкент" меҳмонхонаси яқинида суратга олиниб, 1 август куни Twitterга юкланган, намойишчилар тери кесилиши ва очиқ яралар каби оғир жароҳат олгани акс этган икки видеони тасдиқлаган.

"Видеолардаги жароҳатлар портловчи моддаларни қўллаш орқали етказилган зарарга мос келади. Бу гранаталар ёруғлик/шовқин, контузия, овозли бомбалар ёки карахт қилувчи гранаталар деб турлича номланади ҳамда қўлда ёки гранатомёт ёрдамида отилади. Гранаталар оломонга яқин жойларда портлаган. Айрим ҳолларда гранаталар намойишчиларга бориб урилганидан кейин портлаган", дейилади ҳисоботда.

Ташкилот Нукусдан 65 километр шимоли-ғарбда жойлашган Қанликўлда ва Нукус марказидаги қорақалпоқ шоири Бердақ ҳайкали ёнида содир бўлган яна икки ҳодисани тасдиқлаганини айтмоқда. Бу ҳодисалар давомида намойишчиларни тарқатиш учун хавфсизлик кучлари гранатомёт ёрдамида отиладиган ёруғлик/шовқин гранаталари ҳамда товуш зарядларидан фойдалангани айтилади.

Бундан ташқари, - дейилади ҳисоботда, - Human Rights Watch ташкилоти намойишлар давомида фойдаланилган ва жиддий жароҳат етказиши ёки ўлимга олиб келиши мумкин бўлган, айримлари Болгарияда жойлашган "Arsenal AD" ширкати томонидан ишлаб чиқариладиган ва сезиларли даражада оғирроқ бўлган гранаталарнинг икки турини аниқлади. 25–50 грамм келадиган стандарт гранаталар қиёслаганда, ушбу гранаталарнинг ҳар бирининг оғирлиги 250–280 граммни ташкил қилади. Тезлик ва масса комбинацияси шуни англатадики, бундай гранаталар нисбатан қисқа масофада намойишчиларга тўғридан-тўғри тегса, ўта ҳалокатли жароҳат етказиши ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган зарба бериши мумкин. Human Rights Watch камида битта намойишчи мана шундай оғирроқ гранатадан ўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи далилларни аниқлади".

Инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, "Ўзбекистон ўз фикрини тинч йўл билан ифодалаш ва йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбур". Ҳисоботда айтилишича, "кичик ўқотар қуроллар ва гранаталардан номақбул фойдаланилгани Ўзбекистоннинг бир қанча халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларининг бузилишидир".

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча HRW ҳисоботига муносабат билдиргани йўқ.

Аввалроқ куч тизимлари вакиллари Қорақалпоғистонда зўравонликларга айланиб кетган намойиш қатнашчиларига нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатилгани ва жанговар қуроллар ишга солингани ҳақидаги хабар ва иддаоларни рад этишган.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев ҳаддан ташқари куч ишлатилган ҳолатлар тасдиқлангани тақдирда, масъул ходимлар "амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишини" айтган.

“Куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", дея Мирзиёевнинг 6 июль кунги чиқишидан иқтибос келтирган Президент матбуот хизмати.

Мавзуга алоқадор Жазосизлик ва “ташқи кучлар” аралашуви. Қозоғистон ва Қорақалпоғистон воқеаларининг умумий жиҳатлари ҳақида

Ҳозирга қадар Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан бирон ҳокимият вакили ёки куч тизимлари ходимига чора кўрилгани ёки уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани маълум эмас.

  • Шу йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.

Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.