Қорақалпоғистонда июль ойи бошида рўй берган норозилик чиқишларида иштирок этганлик айблови билан қўлга олинганлардан яна 35 нафари оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, улар Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи ва Жўқорғи Кенгес илтимосномасига кўра 1 ноябрь куни Бош прокуратура томонидан уйларига қайтарилган.
Аввалроқ август ойи охирида 34 нафар, октябрь ойи ўрталарида эса 38 нафар айбланувчи уйига қайтарилгани ҳақида хабар қилинган. Шу тариқа Нукусдаги норозилик чиқишларига қатнашганликда айбланиб, қўлга олинганидан сўнг уйига қайтарилганлар сони 107 нафарга етган.
Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши Нукусда ўтказилган оммавий норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.
Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.