Қорақалпоғистонда лотереячи блогерлар қамалди

Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ноқонуний тарзда таваккалчиликка асосланган лотерея ўйинларини ўтказиб келган шахслар жиноий жазога тортилди.

“Kun.uz” нашрининг суд ҳукмига асосланган ҳолда хабар қилишича, 1984 йилда туғилган Рашид Ибрагимов ва 1985 йилда туғилган Темур Байрамов 2022-2023 йиллар мобайнида Youtube платформасидаги “Тўрткўл-95” канали орқали ноқонуний тарзда лотерея ташкил қилиб келган.

Ўйин чиптаси Россия ва Қозоғистондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига 1400 рубль ёки 8 500 тенгедан, Ўзбекистон ҳудудида эса 200 минг сўмдан сотилган.

Ҳар бир турда 6290 та чипта сотувга чиқарилган, ютуқ сифатида автомобиль ва маиший техника воситалари қўйилган.

Ибрагимов ва Байрамов 2023 йил 5 сентябрь куни Тўрткўл туманида навбатдаги тур ўйинини жонли эфир орқали ўтказаётган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, ўн минглаб ўзбекистонлик мигрантлар пулини ноқонуний қиморга сарфлаган.

Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2024 йил 20 мартидаги ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) ҳамда 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор, деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 7,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноий фаолият натижасида легаллаштирилган 56 миллиард 623 миллион сўм маблағ судланувчилардан солидар тартибда давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 сентябрь кунги ажримига кўра дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Озодлик аввалроқ айрим блогерлар орасида пулли лотерея ўйинларини ташкил этиш авж олгани, бу фаолият жамоатчилик ва давлат эътиборидан четда қолаётган бир пайтда, у блог эгаларининг мўмай даромад топиш манбаига айлангани ҳақида хабар қилганди.