Қорақалпоғистондаги ўрмонзорда юзага келган ёнғин 3 кун давомида ўчирилди

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Давлат биосфера резервати ўрмонзорида содир бўлган ёнғин уч кун мобайнида ўчирилган.

ФВВ қайдича, мазкур ўрмонзорда ёнғин чиққанига оид маълумот Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига 27 ноябрь куни соат 17:30 да келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари туман ёнғин-қутқарув қисмидан тақрибан 47 километр нарида бўлган ҳодиса жойига етиб бориб, соат 19:10 да ёнғинни ўчиришга киришганлар. Ёнғин 28 ноябрь куни тонгги соат 05:15 да қуршаб олиниб, соат 08:04 да ўчирилган.

“Ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1 та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2 та булдозер, 2 та погрузчик, 2 та сув ташувчи машиналар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ФВБдан 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан 20 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан 20 нафар, жами 95 нафар ходим жалб этилган ва офатга қарши курашиш учун жойида қолдирилиб, 3 гуруҳга бўлинган ҳолда, кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Бироқ кутилмаганда ўрмонзор қайта аланга олган ва ёнғин 29 ноябрь куни соат 10.25 лар атрофида ўчиришга киришилиб, уни 30 ноябрь куни соат 03.30 да ўчиришга эришилган.

ФВВ ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлигини урғулаган ҳамда айни пайтда келтирилган зарар миқдори аниқланаётгани, воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бораётганини қўшимча қилган.

Озодлик шу йилнинг 8 август куни Жиззах вилоятидаги Зомин миллий табиат боғида ёнғин содир бўлгани, ундан бир ҳафта аввал эса Зомин тумани “Дуоба” МФЙ “Ўриклисой” аҳоли пункти ҳудудига яқин 80 гектар майдонда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар қилган эди.