Олмаотадаги туманлараро тергов суди 7 октябрь куни аввалроқ қўлга олинган қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетовани 40 суткага ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси вакили Денис Дживагадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, Мирманбетовани 40 суткага ҳибсга олишни прокурор сўраган, судья эса унинг илтимосини қондирган.
“Адвокатлар суддан Зиуарнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, шу важдан унга эҳтиёт чораси ўлароқ уй қамоғида қолдиришни сўрашди. Бироқ бу илтимос инобатга олинмади”, деган Живага.
Олмаотадаги ресторанлардан бирида ошпаз бўлиб ишлаб келган Зиуар Мирманбетова 4 октябрь оқшомида полиция томонидан қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Маҳаллий қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратбайга кўра, аёл уйидан тутиб кетилган.
Синглиси Гульнар Мирманбетованинг айтишича, Зиуарга нисбатан Ўзбекистонда қидирув эълон қилинган, у “Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик” ҳамда июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган “норозилик акцияларида иштирок этганлик”да гумонланмоқда.
Бу Қозоғистонда қорақалпоғистонликлар ушлаб кетилиши бўйича тўртинчи ҳодисадир.
Июль ойи бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган. Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.