Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини берди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига унинг яқини Фариза Нарбекова хабар қилди.
Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:
“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.
Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлаганди.
Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.
Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.
Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.