Австриядан 29 февралда Польшага депортация қилинган Ўзбекистон ватандоши Қошқарбай Тўремуратов X ижтимоий тармоғида Польшадан бошпана сўраганини маълум қилди. Унга кўра, у бу борадаги ҳужжатларни Варшавадаги тегишли ташкилотларга топширган.
Тўремуратов 1 март куни ижтимоий тармоқда Венадан учиб келганидан сўнг жойлаштирилган изолятордан озод қилинганини ва унинг аризаси кўриб чиқилгунига қадар Польшани тарк этмаслик ҳақида огоҳлантирилганини ёзганди.
Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари 48 ёшли Тўремуратов Польшада изоляторга жойлаштирилгани ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигидан ташвиш билдирган эди. Қорақалпоқ фаоли Тошкент томонидан “Конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.
Сўнгги пайтларда Қозоғистонда яшаб келган Тўремуратов ва қатор қорақалпоқ фаоллари 2022 йил ёзидаги Нукус воқеаларини қўллашлари тўғрисида матбуот анжумани ўтказганларидан сўнг таъқиб қилина бошланди.
2022 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон томони талабига кўра беш нафар қорақалпоқ фаоли – Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова, Тлеубике Юлдашева, Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов қўлга олинган. Ўзбекистонда улар конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланган.
Бироқ орадан бир йил ўтгач уларнинг барчаси “депортация қилиниши кутилаётган шахсни қамоқда сақлаш муддати якунлангани” муносабати билан озод этилганди.
Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган, аммо Қозоғистон ҳукумати уларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.
Жорий йилнинг 15 февралида эса Олмаотада қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай қўлга олинган.
Хьюман Райтс Вотч (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га нисбатан асоссиз жиноий айбловларни олға сурмоқда, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотнинг бу борада 26 февраль куни баёнот тарқатди.
Баёнотда Қозоғистон ҳукумати бу “сохта айбловлар”ни рад этишга ва Муратбайни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирилган.
“Муратбайга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши ҳуқуқ фаолидан ўч олишга қаратилган ҳаракатдир”, дейилади баёнотда.
Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.
Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.
26 февралда Озодлик Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ҳозирда ҳибсда сақланаётган Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини бергани тўғрисида хабар берди.
Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:
“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, - деди адвокат.