Қозоғистон ҳукумати қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашевага қочқинлик мақомини беришдан бош тортди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига Юлдашеванинг ўзи маълум қилди.
“Конвенцияларни рўкач қилиб, мақом беришмади. Улар менга шаҳар судига арз қилишим мумкинлигини айтишди. Мен шаҳар судига ариза киритаман”, - деди Юлдашева.
Юлдашева Ўзбекистонга топширилса, қийноқларга дучор бўлишини айтди ва Қозоғистон ҳукуматидан яна бир маротаба бошпана сўраш ниятида эканини таъкидлади.
Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги тергов изоляторида бир йил сақланган Тлеубике Юлдашева ноябрнинг ўрталарида озод қилинган эди. Бунга экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани сабаб бўлган.
Юлдашева тергов изоляторида ўтирган пайтида Қозоғистон ҳукуматига қочқин мақоми берилишини сўраб ариза ёзган эди. Унинг қочқинлик мақоми сўраб ёзган аризаси 3 декабргача ўз кучида бўлади. Бу вақт мобайнида уни Тошкентга депортация қилишга қонун йўл бермайди.
Юлдашева Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилиш” да айбланмоқда. У 2022 йилдаги Нукус воқеаларидан сўнг 13 ноябрда Қозоғистон орқали Россияга кетаётганида Тошкент сўрови билан ушланган эди.
Олмаотадаги тергов изоляторидан октябрда қорақалпоқ фаоли Зиуар Мирманбетова, сентябрда эса Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қўшқарбай Тўрўмуратов чиқарилган эди. Улар экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани муносабати билан озод этилган.
Мазкур шахслар Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” айблови билан халқаро қидирувга берилган эди.
2022 йил октябрида Human Rights Watch қўлга олинганлар Қозоғистондан бошпана сўраганлари тўғрисида билдирган. Халқаро ташкилот Остонани фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.
Human Rights Watch фаоллар Ўзбекистонда қийноқларга солиниши ва сиёсий айбловлар билан қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бироқ Қозоғистон ҳукумати қорақалпоқ фаолларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.
2022 йилнинг 1 ва 2 июль кунлари Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари содир этилганди. Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган норозиликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
2023 йилнинг августида Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилган. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган.
Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган эди.
Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йил 31 январида якунланган илк суд жараёни ортидан намойишчилардан 18 нафари қамалган. Июнь ойидаги апелляция судида судланганлардан 8 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган.
Жорий йилнинг 17 мартида якунланган Бухородаги иккинчи суд ҳукми билан 28 нафар судланувчи қамалган эди. Олий суд ҳайъатининг 12 июнь кунги қарори билан судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.