Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари 20 июль куни бўлиб ўтган сессияда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ҳудудда жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини бекор қилишни илтимос қилди.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг хабар беришича, депутатлар бу борада президентга мурожаат йўллаган. Мурожаатда, шунингдек, оммавий тартибсизликларни содир этганликда гумонланган айбсиз фуқароларни, хусусан, ёшларни афв этиш ҳам илтимос қилинди.
Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль соат 00:01 дан 2022 йил 2 август соат 00:00 га қадар фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Мазкур фармон Нукусда 1-2 июль куни тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари ортидан қабул қилинган.
Оммавий норозилик намойишлари натижасида 21 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бундан ташқари 300 га яқин киши турли даражадаги жароҳатларни олган.